(71) 202-99-11 | uzvino@agro.uz

Узум навлари

Узумчилик Узум навлари

Ўзбекистонда етиштириладиган узум навлари

1.

Андижон қора узуми

Қора андижоний, Қора – халқ селексиясида чиқарилган ўртапишар хўраки ва майизбоп узум нави. Тупи кучли ўсади. Барги тўгарак, беш бўлмали, кертикли, тўқ яшил, орқа томони туксиз. Гули икки жинсли. Узум боши чўзиқ, 250-300 г, шингиллари тиғизлиги ўртача. Ғужуми йирик, думалоқ, ранги тим қора, пўсти юпқа, таранг, эти ширали, таркибида 25–27% қанд моддаси бор. Ҳосили фаол ҳарорат 2700-2750° бўлганда 128–140 кунда пишиб етилади (август охири). Ҳосилдорлиги 150–200 ц/га. Замбуруғли касалликлар ва зараркунандаларга чидами ўртача, совуққа чидамсиз. Фарғона ва Андижон вилоятларида кенг тарқалган.

2.

Оқ Ҳусайни

халқ селекциясида етиштирилган ўртапишар хўраки узум нави. Ватани Ўрта Осиё. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Россиянинг Ставрополь ўлкаси ва бошқа жойларда тарқалган. Ғужумларининг шаклига қараб бир неча хилларга бўлинади. Мўрчамиён Ҳусайни, келинбармоқ Ҳусайни, қизил Ҳусайни, лўнда Ҳусайни (каду Ҳусайни) хиллари айниқса кўп тарқалган. Тупи кучли ўсади. Барги ўртача, тўгарак, 3—5 бўлмали. Ўртача кертикли, усти силлиқ, майин. Гули икки жинсли. Узуми август-сентябрда пишади. Узум боши йирик, конуссимон, сершингил, ғавол, оғирлиги ўртача 300 — 350 г (айримлари 1 кг гача). Ғужуми ўртача ва йирик, тухумсимон ёки цилиндрсимон, пўсти юпқа, сарғиш-яшил, қарсиллайди, сершира. Таркибида 18 — 20% қанд бор, нордонлиги 2—3%. Ўсув даври 153 кун. Ҳосилдорлиги 170—180 ц/га. Совуққа ва қурғоқчиликка чидамсизроқ. Янгилигида ейилади, майиз солинади. Сақлашга, узоқ жойларга юборишга чидамли. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида районлаштирилган.

3.

Паркент

Паракати, Пушти Паркати — ўртаги маҳаллий хўраки узум нави. Халқ селексияси (Тошкент вилояти Паркент тумани)да яратилган. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига мансуб. Барглари ўртача ва йирик катталикда, кенг панжасимон ёки юмалоқ шаклда, четлари қиррали, баъзан қиррасиз. Гули икки жинсли. Узум боши йирик, цилиндрсимон, зичлиги ўртача. Ғужуми йирик, думалоқ-овал шаклда, тўқ-қизил ёки тўқ пушти ранг . Эти сершира, пўсти юпқа, ғубор билан қопланган. Куртаги кўкарганидан кейин Тошкент вилоятида фаол ҳарорат йиғиндиси 3000—3200°да 135—140 кунда, сентябрь ўрталарида яхши пишиб етилади. Тупи кучли ўсади, новдалари яхши пишади. Ҳосилдорлиги 180— 220 ц/га (ишкомларда 250 ц/гача). Совуққа чидамсизлиги, кул (оидиум) касаллигига мойиллиги билан ажралиб туради. Янгилигида истеъмол қилинади, мусаллас, десерт ва шампан винолари тайёрланади. Қисман майиз солинади. Тошкент вилоятида кўп экилади.

4.

Чарос

эрта ўртапишар маҳаллий, хўраки узум нави. Ўрта Осиёда кенг таркалган. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Тупи кучли ўсади. Барги йирик, тўгарак, ўртача ва кам кертикли, усти тўқ, орқаси оч яшил, туксиз. Гули функционал урғочи. Узум боши ўртача ва йирик, тиғиз, 300—400 г. Ғужуми йирик, думалоқ тухумсимон, кўкимтир қора, серэт, ширин, пўсти қалин. Таркибида қанд миқдори 21—23%, нордонлиги 5,5 — 8%, июль—августда пишади. Ҳосилдорлиги 80—100 ц/га. Асосан, янгилигида етилади. Рағага cҳидамсиз. Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида экилади.

5.

Оқ кишмиш

ўртапишар, майизбоп узум нави. Ватани — Марказий Осиё ва Яқин Шарқ. Унинг Кишмиши Сафед, Бедона майиз, Кишмиш, Султонина (Франция), Томпссон Сидлессе (АҚШ) номлари бор. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Тупи кучли ўсади. Барги ўртача катталикда, думалоқ, 3—5 бўлакcҳали, гули икки жинсли. Узум боши ўртача катталикда (бўйи 17, эни 10 см), шакли цилиндр-конуссимон, шингиллари зич. Ғужуми уруғсиз, юмалоқ, ранги оч сариқ, юпқа, карсиллайди. Сентябрь бошларида тўлиқ пишади. Таркибида 25—26% қанд, 4—4,5 г/л кислота бор. Оқ кишмиш нави қурғоқчиликка чидамли, совуққа чидамсиз. Кул, атракиоз, барг ўровчилардан зарарланади. Ҳосилдорлиги 200—250 ц/га. Узуми янгилигида ейилади, майиз қилинади. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида районлаштирилган. Самарқанд вилоятида кўп экилади.

6.

Гўзал қора

Ўртапишар хўраки узум нави. Бутуниттифоқ ўсимликшунослик илмий текшириш институтининг Ўрта Осиё тажриба станциясида М.С.Журавел, АМ.Негрул, Г.К.Муҳамедовлар томонидан яратилган. Тупи кучли ўсади. Гули икки жинсли. Узум боши ўртача, юмалоқ, 500—600 г келади. Чингил ва ғужумлари ўртача тиғиз. Меваси йирик, кўкиш-қора рангда. Гуллаш қадар куртак ёзгандан бошлаб фаол ҳарорат йиғиндиси 2800°да 136 кунда — август ойи охирларида пишади. Ҳосилдорлиги 220—240 ц/га. Касалликлар билан кам зарарланади. Асосан янгилигида истеъмол этилади ва майиз солинади. Ўзбекистоннинг барcҳа вилоятларида районлаштирилган.

7.

Каттақўрғон

Кечпишар хўраки, майизбоп узум нави. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Ватани — Ўрта Осиё. Тупи кучли ўсади. Барги ўртача ва йирик, 3—5 бўлакчали, оз кертикли, бир оз қабариқли, устки сирти тўқ яшил, ялтироқ, остки сиртида туклари йўқ. Гули функционал урғочи. Узум боши йирик (бўйи 12—26 см, эни 14—25 см), ғужуми йирик, овалсимон ёки тухумсимон оч яшил, этдор, сершира, пўсти юпқа, уруғи йирик. Ҳосили фаол ҳарорат йиғиндиси 3400—3800° да 150—160 кунда, сентябрнинг 2-ярмида пишиб етилади. Ҳосилдорлиги 70—80 ц/га. Каттақўрғон функционал урғочи гулли бўлганлиги сабабли унга Оқ кишмиш, Қора кишмиш, Пушти Тоифи, Саперави, Султоний навлари энг яхши чангловчилар ҳисобланади. Совуққа ва замбуруғ касалликларига чидамсиз. Новдаларининг 6—14-кўзларидан энг кўп миқдорда ҳосилли новдалари шаклланади ва новдани узун кесиш талаб қилинади. Янгилигида ейилади, қуритилади, гермиён майизи тайёрланади. Узоқ ерларга ташишга яроқли. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида районлаштирилган.

8.

Победа (Ғалаба)

ўрта кечпишар хўраки узум нави. Бутуниттифоқ ўсимликшунослик институтининг Ўрта Осиё тажриба станциясида Болқон узуми ва Гамбург мускати навларини чатиштириб чиқарилган (М. Журавел, А. Негрулъ; 1944). Тупи кучли ўсади. Барги йирик, кўп кертикли, орқаси тукли. Гули икки жинсли. Узум боши цилиндр-конуссимон, бўйи 25 см, эни 16 см, вазни 650—700 г, ғужуми йирик, чўзиқ, цилиндрсимон, ранги қора, пўсти қалин, кўк мумғубор билан қопланган, серэт. Таркибида 22—25% қанд бор, ҳосилдорлиги 400 ц/га га боради. Август охирлари — сентябрь бошларида пишади. Янгилигида ейилади, шунингдек, гермиён майизи тайёрланади. Совуққа чидамсиз. Чунинг учун занг новдаларини кўмиш (ўраш) тавсия этилади. Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари учун районлаштирилган.

9.

Қора кишмиш

Шивилғони, Блек манука — маҳаллий эртапишар хўраки ва майизбоп уруғсиз узум нави. Ўзбекистон ва Тожикистонда кенг тарқалган. Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Тупи ўртача ўсади. Барги ўртача, тўгарак, ўртача кертикли. Гули икки жинсли. Узум боши ўртача (бўйи 18—25 см, эни 11 — 13 см), конуссимон; шингиллари ғавол. Ғужуми ўртача тиғиз, тухумсимон, учи тўмтоқ, пўсти қора; юпқа, эти ширали, карсиллайди. Таркибида 2 4 - 2 5 % қанд бор, нордонлиги 4,5 — 5,5%. Ҳосили 130-145 кунда, июль охири— августнинг 2-ярмида тўлиқ пишади. Кул, антракноз, оидиум ва серкоспороздан зарарланади. Узумидан сифатли майиз тайёрланади (25—27% майиз cҳиқади). Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида ўстирилади.

10.

Рислинг (нем. Риеслинг)

Рейн рислинги — винобоп ўртапишар узум нави. Рейн дарёси воҳасида халқ селексиясида яратилган қадимий навлардан бири. Рислинг жаҳондаги ток экиладиган барча мамлакатларда тарқалган. Ўрта Осиёда, Молдавия, Украина, Қозоғистон ва Озарбайжонда ҳам экилади. Тупи ўртача ўсади. Баргининг диаметри 14— 16 см, юмалоқ, беш бўлмали, туси тўқ яшил, арра тишли, терс томони сийрак тукли. Гули икки жинсли. Ҳосили фаол ҳарорат йиғиндиси 2700—3000° бўлганда 155—170 кунда, август ойи бошларида пишади. Узум боши цилиндр-конуссимон, бўйи 12—15 см, эни 6—8 см, вазни 100—130 г . Ғужуми ўртача, думалоқ, оч яшил, эти сершира, таркибида 17—19% қанд, 8—9% кислота бор.
Ҳосилдорлиги 80—100 ц/га (Ўзбекистон шароитида энг юқори ҳосилдорлик 290 ц/га). Қурғоқчилик ва совуққа бардоши юқори, касаллик ва зараркунандаларга чидами паст. Рислинг узумидан, умуман, овқат устида ичиладиган енгил оқ винолар, машҳур Рейн ва Модел енгил винолари, Ўрта Осиёда эса кучли ва десерт винолар тайёрланади.

11.

Ризамат

ўртапишар маҳаллий хўраки ва майизбоп узум нави. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий текшириш институтининг Самарқанд филиалида Каттақўрғон ва Паркент узум навларини чатиштириб чиқарилган (К. В. Смирнов, А. Ф. Герасимова). Машҳур соҳибкор Ризамат Мусамуҳамедов шарафига унинг номи билан аталган. Тупи ўртача ўсади. Барглари ўртача, юмалоқ, беш бўлмали, сал кертикли, терс томони силлиқ. Гули икки жинсли. Узуми август сентябрда пишади. Узум боши йирик, тиғизлиги ўртача, конуссимон, вазни 300—550 г , ғужуми йирик, цилиндр шаклида, ёнбош томони пушти. Пўсти юпқа, эти зич, карсилдоқ, узуми кўринишининг бежиримлиги ва яхши таъми билан ажралиб туради. Куртаги бўртгандан кейин фаол ҳарорат йиғиндиси 3000° бўлганда 150 кунда пишади. Таркибида 20—22% қанд бор. Ҳосиддорлиги 200—250 ц/га. Новдалари яхши пишади. Совуққа чидамсизроқ, раға, кул касаллигига бардоши юқори эмас.

12.

Ркацители

Мамали Ркацители, Дедали Ркацители — ўрта эртаги ва энг кўп тарқалган винобоп грузин узум нави. Қора денгиз ҳавзаси экологик-географик навлар гуруҳига мансуб. Грузия, Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Украина, Молдавия ва бошқа жойларда экилади. Барглари ўртача, тўгарак шаклда, 5 бўлмали. Гули 2 жинсли. Узум боши ўртача, ғужуми овал шаклда, олтинранг-сариқ, қуёш нури тегадиган томони жигарранг тус олади. Пўсти юпқа, таранг . Эти сувли, таркибида 25-28% канд, 6,85% кислота бор. Куртаги бўртгандан кейин фаол ҳарорат йиғиндиси 3000°—3100° да 150 кунда тўла пишиб етилади. Новдалари яхши пишади. Совуққа чидамли. Ҳосилдорлиги 150—200 ц/га (энг юқори ҳосилдорлиги 368 ц/га). Узумидан овқат устида ичиладиган енгил, шампан, кучли ва десерт винолар тайёрланади. Коняк учун хом ашё сифатида фойдаланилади. 1959 йилдан Ўзбекистоннинг барча вилоятлари учун районлаштирилган.

13.

Саперави

ўртапишар, қадимий грузин винобоп узум нави. Қора денгиз бўйи экологик-географик навлар гуруҳига киради. Грузия (Кахетия), Озарбайжон, Ўзбекистон, Крим, Россия жанубида тарқалган. Тупи кучли ва ўртача ўсади, барги йирик, тухумсимон ёки тўгарак, 3—5 бўлмали, орқаси тукли. Гули 2 жинсли. Узум боши 150 г атрофида, конуссимон, ғужуми ғавол, ўртача зич, тўқ яшил, қора мум-ғубор билан қопланган. Пусти юпқа, эти сувли. Фаол ҳарорат йиғиндиси 3000° да 140—150 кунда (июлда) етилади. Новдалари яхши пишади. Ҳосилдорлиги 90—160 ц/га. Замбуруғли касалликларга чидами ўртача. Совуққа чидамли. Узумидан десерт, ўртача ширин, овқат устида ичиладиган ҳамда шампан винолари тайёрланади.

14.

Сояки

Замбилбош — халқ селексиясида яратилган хўраки ва винобоп узум нави. Тошкент вилояти Паркент туманида кўп экилади. Тупи кучли ўсади, барги йирик, уч бўлмали, бет томони ялтироқ, силлиқ. Гули икки жинсли. Узум боши ғавол, сершингил, икки ёни бўртиб чиққан, 700—800 г (3—4 кг гача боради). Ғужуми ўртача, думалоқ, бўйи 18—19 мм, қуёшга қараган томони сарғимтир, оч яшил, пўсти юпқа, эти сувли. Таркибида 20— 22% қанд, 6—7 г/л кислота бор. Ҳосили фаол ҳарорат йиғиндиси 3100° да 150 кунда, август охири — сентябрь ўрталарида тўлиқ пишади. Ҳосилдорлиги 150—160 ц/га. Энг юқори ҳосилдорлиги 234 ц/га. Узуми янгилигида истеъмол қилинади, оқ мусалласлар, шампан винолари тайёрланади; узум бошларини осиб, қиш фаслигача сакдаш мумкин.

15.

Суғдиёна кишмиши

ўртапишар хўраки узум нави. Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд филиалида Победа ва Қора кишмиш навларини чатиштириб чиқарилган (К.В.Смирнов, Ё.П.Перепелицина). Шарқий экологик-географик навлар гуруҳига киради. Тупи кучли ўсади. Барги ўртача, 5 бўлмали, юзаси бироз бурмали, остки қисми туксиз. Гули икки жинсли. Узум боши йирик, оғирлиги 800—900 г, шингиллари ўртача ғавол, ғужуми йирик — 5 г гача, мум ғубор билан қопланган. Пўсти юпқа, таъми ширин, хушхўр. Тўлиқ пишганда қанд моддаси 25—26% га етади. Ҳосили август охири — сентябрь бошларида тўлиқ етилади. Ўртача ҳосилдорлиги 180—200 ц/га, янгилигида истеъмол қилинади, майиз солинади (25—26,2% майиз тушади).