(71) 202-99-11 | uzvino@agro.uz

Узумчилик тарихи

Узумчилик Узумчилик тарихи

ЎЗБЕКИСТОНДА УЗУМЧИЛИК ТАРИХИ

Ўзбекистон Ўрта Осиё ҳудудининг марказий қисмида, 37010/ - 45035/ шимолий кенглик ва 56000/ - 73010/ шарқий кенгликда, ёки Европанинг Италия давлати билан бир хил географик кенгликда жойлашган.

Умумий майдоннинг 70 фоизини текисликлар, шарқда эса баланд ғарбий Тянь-шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари эгаллаган.

Республикамиз иқлими кескин континентал температуранинг юқори тебранишига асосланган ёзда жудда иссиқ, қишда совуқ.

Мамлакатимизнинг географик жойлашуви, иқлим шароити, қуёшнинг фаол ҳарорат йиғиндиси 4000-5000 градусни ташкил қилганлиги, ҳосилдор суғориладиган ерлари ва шуни алоҳида айтиш керак, ўзига хос тоғ ва тоғолди ҳудудлари саноат миқёсидаги узумчиликни ривожлантиришга замин яратган.

Шу ерда қисқача тарихга эътибор берадиган бўлсак, геопалентологик ва ампелографик тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, узумчилик билан бизнинг ҳудудимизда 6 минг йиллардан аввал шуғулланишни бошлашган.

Исломгача бўлган зороасатризм давридаги муқаддас “Авесто” китобида ҳам Марказий Осиёда яшовчи ҳалқлар узумчилик билан шуғулланганликлари ёзиб қолдирилган. Бошқа юртлардан келган элчилар, саёҳатчилар бизнинг қадим юртимизда узумчилик билан шуғулланганликларимизни тарихда қолдиришганлар.

Ўрта асрларда яшаган, венециялик зодагон, саёҳатчи Марко Поло ўзининг кундаликларида “Самарқанд, Бухоро ва бошқа машҳур шаҳарлар атрофлари боғлар ва токзорлар билан ўралган. Бу ерларда маҳаллий ҳалқлар томонидан тайёрланган майларни ичиб кўрдим. Бу майларнинг тайёрланганлигига ўн йиллар бўлган, уларнинг сифати мени лол қолдирди. Бундай майларни мен олдин хеч қаерда ичмаганман” деб ёзиб қолдирган экан.

Хозирги кунда Ресапубликамиз ҳудудларида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрида 45 та узум навлари мавжуд. Мана шу навлар ичида қадимдан от-боболаримиз томонидан экилган, маҳаллий ҳалқимиз томонидан яратилган автохтон навлардан Қора жанжал, Андижон қора узуми, Буаки нор, Буаки тош, Бишти, Қора ва Оқ кишмиш, Паркент ва бошқа навлар ҳали ҳам ўз ўрнини йўқотмаган.

Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистондаги токзорлар майдони Ўрта Осиё республикаларидаги узумзорларнинг жами майдонининг қарийиб 60 фоизини ташкил қилган. Узумчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Арманистон, Грузия, Молдавия республикалари қатори юқори ўринларда турган. Собиқ Иттифоқда тайёрланган кишмиш ва майизнинг 85-90 фоизи бизнинг Республикамизда тайёрланган. Биз бемалол, хеч қандай муболағасиз фахрланиб айтишимиз мумкинки, бизнинг ҳудудда етиштирилаётган хўраки ва кишмишбоп узумлар дунёнинг бошқа минтақаларида йўқ. Кейинги йилларда Республикамизнинг соҳамизга таалуқли илмий тадқиқот муассасалари томонидан маҳаллий шароитларимизга мос, ҳосилдор, юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконини берувчи Гўзал қора, Ризамат, Кишмиш ВИРа, Кишимиш Сўғдиёна, Кишмиш Хишрау, Тарнау ва бошқа хўраки-кишмишбоп навлар, Магарачский, Мускат Узбекистанский, Ташкентский, Рангдор, Олтиндай навли техник узум навлари яратилди. Бу навлар ҳозирги кунда соҳибкорларимиз томонидан катта майдонларда экилмоқда.

Республикамизда маҳаллий навлардан ташқари Франция, Италия, Германия, Грузия ва бошқа давлатлардан интродукция қилинган Каберне Совиньон, Моратель, Хиндогни, Ркацители, Рислинг, Мускат Розовый, Мускат Венгерский, Алеатико каби юқори сифатли вино, вино материаллар ва шампан винолари тайёрлаш имконини берувчи узум навлари экилмоқда.

Хозирги кунда Қишлоқ хўжалик корхоналари тасарруфида жами 75 минг гектар узум бўладиган бўлса, шунинг 87 фоизини хўраки ва кишмишбоп узумлар майдони ташкил қилади. Саноатбоп узумлар майдони 11-12 минг гектарни, ёки токзорлар умумий майдонининг 13 фоизини, шундан қимматбаҳо узум навлари 4-5 фоизни ташкил қилади.

Кейинги йилларда саноат узумчилигини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурларнинг ижобий натижасида 2018 йил якуни билан қарийб икки минг гектар майдонда саноатбоп навли, 2019 йилнинг баҳор мавсумида 1300 гектар майдонда токзорлар барпо қилинди.

Сифатли узум ҳом-ашёсини етказиб бериш, дунёга машхур узум навларини кўпайтириш ва экспортга тайёр “Ўзбек бренди” остида виночилик маҳсулотларини етказиб берилишини йўлга қўйиш мақсадида 2019-2021 йилларда жами 23400 гектар майдонда саноатбоп навли токзорлар барпо қилиниши режалаштирилган. Шундан 2019 йилда 8290 гектар, 2020 йилда 8840 гектар ҳамда 2021 йилда 6270 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилишнинг манзилли дастури ишлаб чиқилди.

Токзорларимиздан юқори ҳосил етиштиришда замонавий суғориш технологияларни, яъни томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга катта эътибор берилмоқда. Жумладан, томчилатиб суғориш тизимини токзорларда жорий қилган хўжаликларга пахтачиликдаги каби гектарига 8 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилмоқда.

Мазкур майдонларга кафолатланган сифатли ток кўчатларини таъминлаб бериш мақсадида, Республикамизда давлат-хусусий ҳамкорлик шартлари асосида замонавий европа усулидаги кўчатчилик агрокомплексларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Жумладан, 2022 йилда 100,5 минг тонна, 2023 йилдан 162,4 минг тонна маҳсулоти етиштирилиши кўзда тутилган бўлса, 2024 йилга келиб 206,3 минг тонна сифатли узум маҳсулоти етиштирилиб, қайта ишлаш корхоналарининг тўла қувват билан ишлашига эришилади.

Амалга ошириладиган ишларнинг пировард натижасида соҳа корхоналари томонидан сифатли, винобоп узум хом ашёси етиштирилиши йўлга қўйилади.

УЗУМ – УЗОҚ УМР КЎРИШ ГАРОВИ, ТАБИАТ ИНЪОМ ЭТГАН ТУҲФА

Ток қимматбаҳо субтропик ўсимлик ҳисобланади. Унинг меваси ўзи-нинг пархезлик ва озиқалиги жиҳатидан инсон организми учун энг зарур маҳсулот ҳисобланади. Пишиб етилган узум таркибида, айниқса кишмиш навларида 28-30% гача организм томонидан тез ўзлаштириладиган қандлар-глюкоза, фруктоза ва сахароза бор. Шунингдек, янги узилган узум таркибида инсон саломатлиги учун зарур бўлган олма, вино, лимон, қаҳрабо, шавел, чумоли ва бошқа бир қанча органик кислоталар, калий, кальций, фосфор, натрий каби минерал тузлар, мева пўсти таркибида ранг берувчи моддалар (пигментлар), ошловчи (дубил) моддалар бор.

Узум меваси А, С, Р, РР, В1, В2, В6, В12, каби витаминларга бой. В гуруҳ витаминлар, аминокислоталарнинг қандай миқдорда сақланиши узум навининг пишиш муддатига, ғужумларнинг уруғли ёки уруғсизлигига, ток тупининг ўсиш кучига, об-ҳаво шароитига ҳамда парвариш усулларига боғлиқ. Олимларнинг кузатишига қараганда, В гуруҳига мансуб витаминлар, аминокислоталар ва микроэлементлар кечпишар узум навларида кўпроқ тўпланар экан.

Узумнинг шифобахш хусусияти қадимдан маълум бўлиб, табобатда турли касалликлар (сил, камқонлик, кам қувватлик, ошқозон-ичак, сийдик йўли, юрак хасталиги ва ҳ.к.)ни даволашда кенг қўлланилган.

Узум шарбати, айниқса ёш болалар ва кексалар учун бебаҳо озиқа. У организмда моддалар алмашинувини яхшилаш, қон томирларини кенгайтириш, жигар фаолиятини яхшилаш, юрак мускулларини озиқлантириш, қонни тозалаш ва кўпайтиришдек хусусиятларга эга.

К.В.Смирнов ва бошқа олимларнинг маълумотларига қараганда 1 л янги узум шарбатининг қуввати таққосланганда 1,7 л, сигир сутига, 650 г, мол гўштига, 1 кг, балиққа, 300 г, брынзага, 500 г, нонга, 3-5 дона тухумга, 1,2 кг картошкага, 3,5 кг, помидорга, 1,5 кг, олма, нок ёки шафтолига тенг келар экан.

Узумдан тайёрланадиган маҳсулотлар ишлатилиши ва тайёрланиш технологияси бўйича виночилик маҳсулотлари (вино, коньяк, шампан ва ҳ.к.); шарбат маҳсулотлари (табиий ва ярим фабрикат ҳолидаги шарбатлар ва ҳ.к.); концентратлар (узум асали, вакуум-сусло, бекмес ва ҳ.к.); консервалар (компот, маринада, мураббо, жем, узум пастаси ва ҳ.к.) ҳамда узумни дастлабки ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндилардан иборат иккиламчи маҳсулотларга бўлинади. Масалан, узум турпидан озиқа уни, пўстидан вино кислотаси, бўёқлар, уруғидан танин, мой, шунингдек, узум дрожжаларидан спирт, озиқа дрожжалари, озиқ-овқат ва кондитер маҳсулотларини тайёрлаш учун фойдаланилади.

Токнинг бошқа мевали ўсимликларга нисбатан афзаллиги яна шундаки, уни кўпайтириш қулай, кўчати ўтқазилгач, 2-3- йили ҳосилга киради ва қулай шароитда яхши парвариш қилинса 100, ҳатто ундан кўп йил яшаб ҳосил бериши мумкин. Ток илдиз тизими бақувват бўлгани учун, у қурғоқчиликка анча чидамли. Ундан тоғ ва тоғ олди ерларини ўзлаштириш, қумли ерлар ва жар ёқаларини мустаҳкамлашда ҳам фойдаланиш мумкин. Уни бошқа мевали дарахтлар ўсишианча қийин бўлган шўрланган, тошлоқ, ер ости суви яқин (1-1,5 м) ерларда ҳам ўстириб ҳосил етиштириш мумкин.

Узумчилик аслида сердаромад соҳа. Районлаштирилган узум навлари жойнинг тупроқ-иқлими шароитларига тўғри танланиб жойлаштирилса, тупроққа ишлов бериш ва ўсимликнинг парвариши билан боғлиқ барча агротехника ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилса узумчилик ўсимликшуносликнинг юқори рентабелли, иқтисодий кўрсаткичлари юксак тармоғига айланади.