(71) 202-99-11 | uzvino@agro.uz

Хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув

Янгиликлар Хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув

Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентга 2021 йил учун Мурожаатномасида ерларнинг унумдорлигини ошириш, замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш ва камбағалликни қисқартириш ҳамда қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни ошириш лозимлигини таъкидлади.

2021 йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “UzumFermer” хусусий виночилик корхонаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Агентликнинг асосий фаолияти, шунингдек, алкогол, тамаки ва виночилик соҳаларида инвестиция киритиш имкониятлари тўғрисида тақдимот ўтказилди. Виночилик соҳасида хорижий ҳамкорларни жалб қилиш ва бир қатор масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш борасида муҳокамалар бўлиб ўтди, жумладан:

- виночилик ва узумзорлар кластерларини ташкил этиш;
- ўзбек виноси ва вино маҳсулотлари брендини тарғиб қилиш;
- вино туризмини (энотуризмни) ривожлантириш ва хусусий кичик виночилик корхоналарини яратиш;
- республикамиз ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун қўшма корхоналар ёки 100 % хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш;
- корхоналарнинг давлат улушини хорижий инвесторларга сотиш;
- виночилик ва узумчилик соҳасида хорижий олий ўқув юртларининг филиалларини очиш;
- сомельелар ва кавальелар мутахассисликларини тайёрлаш бўйича ўқув марказларини яратиш.

Бундан ташқари, Агентлик олдида турган бошқа бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ушбу жараёнда дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари бўйича ўз фикрлари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Д.Ахатов, “Ўзбекистон шампани” АЖ корхонаси томонидан мазкур давлатга алкоголли ичимликлар етказиб бериш бўйича шартнома тузишда элчихонанинг ёрдами тўғрисида ва Ҳиндистон томони билан алоқалар ҳажмини кенгайтириш ниятлари борлиги ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Махмудова қурғоқчил ҳудудларда узумзорлар ташкил этиш, шунингдек, вино ишлаб чиқариш технологиялари каби фаолият турлари билан шуғулланувчи Исроил компанияларини жалб этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг АҚШ, Хитой, Испания, Франция, Сингапур, Украина, Тожикистон, Покистон ва бошқа мамлакатлардаги элчихоналари ихтисослаштирилган ускуналар ишлаб чиқарувчилар билан алоқаларни ўрнатиш, потенциал ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш ва республиканинг виночилик маҳсулотларини чет элларда тарғиб қилишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрликларини билдирдилар. Қолаверса, соҳада кадрлар салоҳиятини янада ошириш ва соҳа ривожига кўмаклашиш мақсадида, виночилик ва узумчилик соҳасида қўшма таълим муассасаларини очиш имкониятларини ўрганиш борасида келишиб олинди.

Тақдимотдан сўнг мутахассис-технологлар томонидан маҳаллий виночилик маҳсулотлари дегустацияси ўтказилди.

Агентлик учрашувни ўтказишда амалий ёрдам бергани учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ҳамда “UzumFermer” хусусий виночилик корхонасига ўз миннатдорчилигини билдиради.