(71) 202-99-11 | uzvino@agro.uz

Президент қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ҳар қарич ердан

Янгиликлар Президент қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ҳар қарич ердан

Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентга 2021 йил учун Мурожаатномасида ерларнинг унумдорлигини ошириш, замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш ва камбағалликни қисқартириш ҳамда қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни ошириш лозимлигини таъкидлади.

Хусусан, Президент ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш устувор вазифа қилиб қўйилганлигини, бунинг учун қишлоқ хўжалигига энг илғор технологиялар, сувни тежайдиган ва биотехнологияларни, уруғчилик, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни кенг жорий этиш лозим эканлигини айтиб ўтди.

Бунинг учун давлатимиз раҳбари 2021 йилда қишлоқ хўжалигига сувни тежаш, биотехнология ва уруғчилик соҳасида энг илғор технологияларни жорий этишни давом эттириш ва такомиллаштириш вазифасини қўйди. Қолаверса, илм-фан ва инновация ютуқлари қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидланди.

Президентимиз Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид жуда муҳим масалага, яъни ердан фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларни бозор активларига айлантиришга бағишлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2021 йилда барча ҳудудларда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар марказлари яратиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу ерда 100 дан ортиқ агрохизматлар кўрсатиш, шу жумладан, ерларнинг сифатини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш, уруғларни танлаш ва бошқа хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалаларига бу даражада катта эътибор қаратилишининг асосий сабаби ушбу соҳанинг иқтисодий ривожланишга улкан таъсир кўрсатиши ҳисобланади. Хусусан, қишлоқ жойларда шароитларнинг яхшиланиши, камбағалликнинг камайиши ва ўз навбатида аҳоли турмуш даражасининг иқтисодий жиҳатидан юксалишига катта ҳисса қўшишидир. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 1993-2002 йилларда дунё қишлоқ аҳолиси орасида камбағалликнинг камайишининг 81 фоизи қишлоқ шароитлари яхшиланганлиги билан боғлиқ (миграциянинг камбағалликни камайтиришдаги роли атиги 19 фоизини ташкил қилади). Қишлоқ хўжалигидаги ўсишнинг нисбий авфзалликлари камбағалликни камайтиришдаги роли эконометрик тадқиқотлар билан ҳам қўллаб-қувватланади. Мамлакатлараро эконометрик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши камбағаллар учун нисбатан катта самара келтиради. Хусусан, камбағалликни камайтиришда қишлоқ хўжалигидаги ўсиш бошқа тармоқларда эришилган ўсишдан келувчи самарага нисбатан камида икки баробар юқори бўлади.

Масалан, Хитойда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга асосланган жами иқтисодий ўсиш камбағалликни камайтиришда қишлоқ хўжалигидан ташқари соҳалардаги ўсишга нисбатан 3,5 баробар, Лотин Америкасида эса 2,7 баравар самарали эканлиги аниқланган. Қишлоқ хўжалигининг Ҳиндистонда технологик инновациялар жорий этиш (юқори ҳосилли экинларни етиштириш), Хитойда эса институционал инновациялар (уй хўжаликларининг жавобгарлиги ва бозорни либераллаштириш) туфайли жадал ўсиши бутун дунё бўйлаб қишлоқдаги камбағалликнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келган.

Жанубий Кореянинг тажрибаси ҳам ибратлидир. Бу ерда жадал саноатлашиш давридан олдин (йигирманчи асрнинг биринчи ярмида) қишлоқ инфратузилмасига (биринчи навбатда йўл тармоғига), суғоришга, ўғитларга ва юқори маҳсулдор уруғликларга муҳим сармоялар киритилиши кейинги саноатлашиш даври учун муҳим дастлабки шарт-шароитларни таъминлаган.

Умид қиламизки, бугун илғорлик билан амалга оширилаётган ушбу туб бурилишлар халқимиз ҳаётида улкан ўзгаришларга сабаб бўлади.